Американинг Техас-Сити шаҳридаги сув қувурлари компанияси хўжайини Марк Оберхольцер ўзининг Ford йўлтанламас автомобилини автодилерга сотди. Бу ҳодиса унинг ҳаётини ўзгартириб юборди, деб ёзади Meduza.
Олди-сотдидан бир йил ўтиб, Twitter’да худди ўша автомобиль сурати пайдо бўлди, машинага Mark-1 Plumbing компанияси номи ва унинг телефон рақами ёзиб қўйилган эди. Қизиғи шундаки, сурат Сурияда туширилган бўлиб, йўлтанламаснинг очиқ кузовида зенитли қурол турарди. Энди Оберхольцер дилер билан судлашмоқда: сурат чоп этилгач, унга ҳақорат ва таҳдидлардан иборат минглаб телефон қўнғироқлари бўлди.
Оберхольцерга дилер машинадаги ёзувлар ўчирилишини ваъда қилган эди. Бироқ Ford аукционда сотилди ва Туркияга йўл олди. Кейинроқ у «Жайш-ал-Муҳожирин вал-Ансар» («Пайғамбар сафдошлари армияси») экстремистик гуруҳининг чеченистонлик аъзолари томонидан Башар Асад режимига қарши курашда қўлланилди.
Оберхольцерни ФҚБ агентлари ва АҚШ ички хавфсизлик вазирлиги ходимлари сўроқ қилди. Унга ўз-ўзини ҳимоя қилиш ҳақида ўйлаб кўришни тавсия этишди ва у ўзи билан тўппонча олиб юрадиган бўлди.
Автодилер билан олди-сотдидан икки йил ўтиб, Оберхольцер молиявий зарар ва компанияси обрўсига етган путур учун 1 миллион доллар товон пули талаб қилиб судга даъво берди.
Изоҳ (0)