«Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясининг ҳамкорлари тармоғидаги ишлар 12 октябрдан бери узлуксиз давом этмоқда. Бу компания матбуот хизмати томонидан 30 ноябрь куни эълон қилинган ахборотдан англашилади.
«‘Ўзбектелеком’ АК ҳамкорлари тармоғида ишлар олиб борилиши муносабати билан 2016 йил 5 январга қадар тақдим этилаётган интернет хизматлари сифати ёмонлашиши мумкин», — дейилади компания хабарида.
Ўз навбатида, Ўзбекистон бозоридаги бошқа йирик интернет-провайдерлар, хусусан, Саркор Телеcом компанияси «Ўзбектелеком»га асосланиб 2015 йил 1 декабрь — 2016 йил 5 январь кунлари интернет сифати пасайиши, Skype, Viber, Telegram каби оммабоп мессенжерларнинг фаолияти ёмонлашиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Қайд этиш жоиз, «Ўзбектелеком» компанияси 2 сентябрь куни ўз «ҳамкорлари тармоғида олиб борилаётган ишлар» сабаб интернет сифати 1 октябрга қадар, 12 октябрь куни 31 октябрга қадар, 31 октябрь куни эса 30 ноябрга қадар ёмонлашиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.
Маълумот учун, «Ўзбектелеком» — Ўзбекистондаги энг йирик телекоммуникация оператори бўлиб, у мамлакатдаги интернет-провайдерлар ва мобил алоқа операторларига интернет-каналларни ижарага беради, интернет тармоғидан фойдаланиш хизматларини тақдим этади.
Изоҳ (0)