Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти қошидаги «Меҳр-шафқат хизмати» гуруҳининг 16 нафар шафқат ҳамширалари Самарқанд вилоятининг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи 200 га яқин ёлғиз ва ногирон кексаларга 38 миллион сўмлик ижтимоий ва тиббий хизмат кўрсатди. Бу ҳақда «Зарафшон» газетаси хабар бермоқда.
Шунингдек, 57 нафар кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари, иссиқ кийим-кечак тарқатилди. Вилоят, туманлар ташкилотлари томонидан моддий муҳтожларга пул, дори-дармон ва байрамлар муносабати билан совғалар улашилди.
Қайд этишларича, вилоят ташкилотида фаолият олиб бораётган кўнгиллилардан иборат қутқарув гуруҳи аъзолари сони 110 нафарга етди. Шунингдек, вилоят бўйича 36 та санитария дружиналари, 514 та санитария постлари ҳамда 30 дан ортиқ Фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўриш марказлар ташкил этилган.
«Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан вилоятнинг Булунғур, Каттақўрғон ва Пахтачи туманларида ўтказилган ўқув машғулотларида Қизил Ярим ой жамияти ўзининг санитария дружиналари билан иштирок этди. Шунингдек, фавқулодда вазиятларда кўчирилган аҳолига мурувват ёрдами сифатида озиқ-овқат ва кийим-кечак тарқатилди», — дейилади газета хабарида.
Фавқулодда вазиятлар қачон, қаерда рўй бергани, қанча аҳоли кўчирилганига газета хабарида аниқлик киритилмаган.
Изоҳ (0)