Гавайи оролларида яшовчи 10 ёшли Реймонд Сененси бодибординг (ётган ҳолатда доскада сузиш) билан шуғулланаётганида ҳужум қилган акуланинг тумшуғига оёғи билан зарба бериб, қирғоққа чиқиб олишга муваффақ бўлган. Ҳодиса Оаху оролида, Макаха Бич пляжида рўй берган, дея хабар беради Metro.
Сененсининг айтишича, акула «йўқ жойдан пайдо бўлган» ва унинг оёғидан тишлаган. Бола саросимага тушмаган ва бошқа оёғи билан йиртқич балиқнинг тумшуғига туширган, шундан сўнг акула ортга қараб сузиб кетган. Ҳужум чоғида унинг ёнида бўлган яна бир бодибордер — Майк Уорд йигитчага қирғоққа чиқиб олишга ёрдам берган, шундан сўнг, Сененси касалхонага ётқизилган.
Реймонднинг оёғида учта чуқур яра қолган. Шифокорларнинг айтишича, жабрдийда ўзига келмоқда ва яқин орада унга жавоб берилади.
Маълумотларга кўра, бу 2015 йил бошидан бери Гавайида содир бўлган еттинчи ҳодиса. Расмийлар буни акулалар сони ортгани билан эмас, мазкур оролларда дам олаётганлар кўпайгани билан изоҳламоқда.
Изоҳ (0)