«Аполлон-16» фазовий дастурининг аъзоси — америкалик астронавт Чарльз Дьюк 1972 йил 20 апрель куни Ернинг табиий йўлдоши — Ой сатҳига қадам қўйган энг ёш инсонга айланган эди. Tengrinews’нинг ёзишича, америкалик фазогир Ойда унга бирор кун қадам босадиганлар учун хабарли фотосурат қолдирган.
Хабар беришларича, оилавий фотосуратда Дьюк ўз аёли ва икки ўғли қуршовида тасвирланган. Фотосуратнинг орқа томонида эса астронавт: «Бу Ер сайёрасида яшовчи, 1972 йил 20 апрель куни Ойга қўнган астронавт Чарли Дьюкнинг оиласи», — деб ёзилган қайд қолдирган.
Астронавтнинг баён қилишича, у оиласи билан узоқ вақт бирга бўла олмаслиги сабаб, фарзандларига уларни ҳам виртуал тарзда Ойга олиб боришга ваъда берган. Термоплёнкага ўралган фотосурат Ой сатҳига қўйилганидан сўнг, астронавт оилавий фотосурат ҳақиқатан ҳам Ернинг табиий йўлдошида қолганини фарзандларига исботлаш мақсадида, фотосурат турган жойни расмга олган.
«Oane.ws» нашрининг қайд этишича, орадан 43 йил ўтди ва оилавий фотонинг кўриниши яхши бўлмаслиги мумкин, чунки Ойда тунги вақтларда ҳаво ҳарорати кескин совиб кетади. Фотосуратнинг ҳолатини Ой атрофида ҳаракатланаётган сунъий йўлдошлар орқали ҳам кузатиб, билиб бўлмайди — оилавий сурат ҳаддан ташқари кичкина.
Изоҳ (0)