«Барселона» футбол клуби раҳбарияти ишқибозлар томонидан Каталониянинг Испаниядан мустақиллик учун кураши рамзи ҳисобланган байроқлардан фойдаланилиши масаласида УЕФА илгари сурган талабларга бўйсуниш ниятида эмас. Бу ҳақда «Чемпионат» хабар бермоқда.
Marca’нинг хабар беришича, Каталония клуби ишқибозлар ушбу байроқлардан фойдалангани учун икки бор УЕФА томонидан жаримага тортилган.
Клубга Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи доирасидаги «Байер»га қарши ўйиндан сўнг 40 минг евро миқдорида жарима солинганди, бунгача ишқибозлар «Ювентус»га қарши Европа Чемпионлар Лигаси (ЕЧЛ) финалида муаммога сабаб бўлаётган байроқларни стадионга олиб кирганди.
Шунга қарамай, «Барселона» Беларуснинг БАТЭ клубига қарши ЕЧЛ гуруҳ босқичи учрашуви давомида жамоа ишқибозлари томонидан 20 минг дона байроқдан фойдаланишга рухсат бермоқчи. Учрашув 4 ноябрь куни бўлиб ўтади.
Клубнинг бу хатти-ҳаракати янги жарималарга сабаб бўлади, бироқ «Камп Ноу» стадионининг мусобақалардан четлатилиши кутилмаяпти. Аввалроқ Каталония клуби раҳбарлари 40 минг евро миқдоридаги жарима масаласини УЕФАда ва Спорт арбитраж суди (CAS)да муҳокама қилишни режалаштираётгани маълум бўлганди.
Изоҳ (0)