БАА пойтахти Абу-Даби шаҳрида дзюдо бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати якунланди. Ушбу мусобақада Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳам тўлиқ таркибда иштирок этди, деб хабар беради «Оламспорт».
Жаҳон чемпионатининг сўнгги куни терма жамоалар ўртасидаги баҳслар бўлиб ўтди. Достон Рўзиев, Сарвар Шомуродов, Ҳикматилла Тўраев, Давлат Бобонов, Достон Мелиев каби истеъдодли полвонлардан иборат Ўзбекистон терма жамоаси гарчи ярим финалга қадар етиб борган бўлса-да, якунда бронза медалини ҳам қўлга кирита олмади.
Ўзбекистон термаси аввалига «B» татамисида Австралияни мағлуб этди. Кейин кучли ҳисобланган Россия терма жамоасини енгиб, гуруҳ ғолиби сифатида ярим финалга чиқди. Аммо ярим финалда бўлажак чемпион Япония терма жамоасига имконият бой берилди. Бронза медаль учун кечган баҳсда эса Беларусь терма жамоаси ўзбекистонлик дзюдочилардан устун келиб, бронза медалига сазовор бўлди.
Изоҳ (0)