Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида «Дўстлик дастурхони» номи остида палов фестивали ўтказилди. «Nur.kz» хабарига кўра, тадбир Жанубий Қозоғистон вилояти Ўзбек маданият маркази томонидан ташкил этилган.
Фестивальда нафақат Жанубий Қозоғистон вилоятининг турли туманларидан ташриф буюрган ошпазлар, балки Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳридан таклиф этилган палов усталари ҳам қатнашди. Фестиваль вақтида бир вақтнинг ўзида 27 қозонда палов дамланди.
«Чимкентча, тошкентча, сайрамча, фарғонача, бухороча, самарқандча, кунжут ёғида тайёрланган хоразмча, байрамона — фестивалда тайёрланган палов турларини санаб, саноғига етиб бўлмайди», — деб ёзади «Nur.kz» интернет-нашри.
Фестивальда биринчи ўринни Ғуломжон Ғаниев қўлга киритди. Уч марта Чимкент шаҳар кенгашига депутат этиб сайланган Ғаниев профессионал ошпаз бўлмаса-да, қайд этишларича, ўзи тайёрлаётган паловга дўсти Маккадан олиб келган сувни қўшгани учун ғалаба қозонган.
35 йилдан бери деярли ҳар куни палов пиширадиган тошкентлик ошпаз Шокиров Зоидов эса ўзи тайёрлаган 10 килограмм «тўй оши» билан иккинчи, сайрамлик Насибулла Холиқов эса Тожикистондаги шаҳар шарафига «Қўрғонтепа» деб номланган палови билан учинчи ўринни эгаллади.
Фестивальда илк бор болалар — Чимкентдаги Ҳамза номли 53-мактабнинг 7-синф ўқувчилари ҳам қатнашди. Бекжон Акрамов ва Бердиёр Ҳошимжонов раҳбарлигидаги беш кишилик жамоа амалда биринчи марта ош дамлади.
Изоҳ (0)