Россиянинг Тамбов вилоятида Opel ва Chevrolet автомобиль моделларини сотиш билан шуғулланиб келган «ТАК-Финанс» компанияси General Motors’дан қарийб 683 миллион рубль талаб қилмоқда. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
Хабар беришларича, тегишли ариза 21 октябрь куни Тамбов вилояти арбитраж судига берилган. Суд материалларида даъво мазмуни ошкор этилмаган.
Эслатиб ўтамиз, General Motors 2015 йилнинг март ойида Россиядаги бизнесини қисқартиришини эълон қилганди. 2015 йил охиригача корпорация Opel ва Chevrolet автомобиллари савдосини тўхтатишни режалаштирмоқда, Калининград ва Санкт-Петербургдаги ишлаб чиқариш қувватлари тўхтатилган.
Марка дилерлари учун дилерлик тармоғини ривожлантиришга тикилган маблағларни қоплаш учун компенсация тўловлари назарда тутилган, бироқ General Motors’нинг ҳамма ҳамкорлари ҳам компенсация миқдоридан қониқиш ҳосил қилаётгани йўқ.
Ҳозиргача General Motors’га нисбатан Opel ва Chevrolet сотувчи ширкатлардан умумий қиймати 1 миллиард рублдан ортиқ тўртта даъво тушди. Даъволардан бири бўйича, суд General Motors’нинг Россиядаги шўъбаси ҳисоб-рақамидаги 380 миллион рублни ҳибсга олди.
General Motors’га автомобиль эҳтиёт қисмларини етказиб берувчи Россия компаниялари ҳам даъво билан чиқмоқда: шундай даъволарнинг биринчисини (қиймати 115 миллион рубль) «Автокомпонент» компанияси берди.
«ТАК-Финанс»нинг ҳам талабларини қўшиб ҳисоблаганда, Россияда General Motors’га нисбатан даъволар ҳажми 2 миллиард рублдан ошиб кетди.
Изоҳ (0)