Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида давом этаётган теннис бўйича «Кремль Кубоги» турниридаги иштирокини якунлади, деб хабар беради «Оламспорт».
Мукофот жамғармаси 771,525 АҚШ долларини ташкил этувчи мусобақанинг чорак финалига йўлланма берувчи баҳсда Истомин турнирнинг амалдаги чемпиони ва биринчи ракеткаси Марин Чиличга қарши кортга чиқди. Хорватиялик теннисчи иштирокини тўғридан-тўғри иккинчи даврадан бошлади.
Икки соату икки дақиқа давом этган баҳсда Чилич 7:6(3), 3:6, 6:3 ҳисобида зафар қучди. Учрашув давомида Марин 9 та, Истомин эса 4 та эйс зарбасини амалга оширди. Икки теннисчи ўртасидаги ўзаро учрашув 5:1 ҳисоби билан якунланди.
Эслатиб ўтамиз, «Кремль Кубоги-2015» ғолиби 127 минг доллар мукофот пули ҳамда 250 рейтинг очкосига эга бўлади. Финалчи эса 66,900 доллар ва 150 рейтинг очкоси билан тақдирланади.
Изоҳ (0)