Барак Обама маъмурияти АҚШ таркибига эркин равишда қўшилган ҳудуд мақомига эга Пуэрто-Рикони дефолтдан қутқариш таклифи билан Конгрессга мурожаат қилди. «ТАСС» хабарига кўра, Кариб ҳавзасида жойлашган ушбу давлат ҳукумати 72 миллиард доллар ҳажмидаги ўз қарзига хизмат кўрсатиш қобилиятига эга эмас.
«Фақатгина Конгресс Пуэрто-Рикога унинг мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун зарур воситаларни тақдим этиш ва уни узоқ муддатли иқтисодий ўсиш билан таъминлаш ваколатига эга», — дейилади АҚШ молия вазири Жейкоб Лю, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазири Метюз Бервелл ва АҚШ президенти ҳузуридаги Миллий иқтисодий кенгаш раҳбари Жефф Заенцнинг қўшма баёнотида.
Уларнинг қайд этишича, «Пуэрто-Рико ва оролни ўз уйи, деб ҳисобловчи 3,5 миллион америкалик АҚШ Конгрессининг шошилинч ҳаракатлари билан ҳал қилинадиган жиддий муаммога дуч келган». Аввалроқ, 21 октябрь, чоршанба куни Пуэрто-Рико ҳукумат тараққиёт банки кредиторлар гуруҳи билан музокаралар якунига етгани, қарзни реструктуризация қилиш ҳақида келишувга эришилмаганини маълум қилганди.
Изоҳ (0)