Тошкент марказида жойлашган Алишер Навоий номидаги Опера ва балет театрига ёндош кўчаларга дам олиш кунлари кузатилган ёмғир вақтида асфальт ётқизилди. Бу ҳақда Facebook’даги «Водители Ташкента» гуруҳида хабар қолдирилган.
Фойдаланувчилардан бирининг қайд этишича, ноқулай об-ҳаво шароитига қарамай шаҳарнинг бу қисмидаги кўчаларнинг таъмирланаётгани — тез орада реконструкцияси якунланай деб қолган театр очилиши билан боғлиқ.
Гуруҳнинг аксарият фойдаланувчилари ёмғирда асфальт ётқизилишини истеҳзо билан танқид остига олган, улардан бири мазкур масаланинг тўғри-нотўғрилигини сўраб, My.gov.uz орқали тегишли ташкилотга мурожаат қилиш керак, деб фикр билдирган.
Қайд этиш жоиз, баъзи мутахассислар ёмғир ёки қор ёғаётганида асфальт ётқизиш мумкин, деб ҳисоблайди. Жумладан, Autonews’нинг ёзишича, фақат жала вақтида асфальт ётқизиб бўлмайди, «Аргументи и Факти»нинг қайд этишича, сўнгги йилларда пайдо бўлган замонавий технология ва материаллар ёрдамида ҳаво ҳарорати -10 бўлганида ҳам асфальт ётқизиш мумкин.
Изоҳ (0)