Челябинск метеоритининг «укаси» шу юз йилликда Ерга бир неча марта ҳужум қилиши мумкин, деб ҳисоблайди Россия Фанлар академияси метеоритлар қўмитаси аъзоси, Урал федерал университети профессори Виктор Гроховский. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Олим ўз гипотезасини сўнгги бир неча юз йилликда Ерга бўлган метеорит ҳужумлари статистикасини ўрганиш асосига қурганини таъкидлади.
«Анча йирик метеоритлар Ерга бир юз йилликда тахминан 2—3 марта ҳужум қилади. Масалан, ХХ асрда ушбу хронологияни Тунгуска метеорити очган. Сўнг Ерга камида яна икки марта ҳужум бўлган», — дея эслатди Гроховский.
Олимнинг сўзларига кўра, «Челябинск» метеорити қулаганидан сўнг турли экспертлар сайёрамизни хавфли осмон жисмларидан ҳимоя қилиш мақсадида вазиятни мониторинг қилувчи сунъий йўлдошларни учиришни таклиф қилган. Бироқ ўтган 1,5 йил ичида ерга метеоритлар яқинлашишини прогноз қилишда ҳеч қандай натижага эришилмаган.
Эслатиб ўтамиз, 2013 йилнинг 15 февраль куни Россиянинг Челябинск шаҳридаги Чебаркўл кўлига умумий оғирлиги 10 минг тонна деб тахмин қилинаётган метеорит тушган эди. Ушбу ҳодиса юз берган маҳал портлаш тўлқини натижасида дераза ойналари дарз кетган ва яқиндаги уйларнинг томи учиб кетган эди. Мингдан ортиқ кишилар эса тиббий ёрдам сўраб мурожаат этган эди.
Изоҳ (0)