Донецк яқинидаги «Боинг» қулаган жойдан «самолёт корпуси ва юкнинг бир қисми» йўқолган, дейилади Нидерландия Хавфсизлик кенгаши тақдим этган авиаҳалокат ҳақидаги маърузада. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.
Бундан ташқари, The Guardian ёзишича, терговчилар лайнер борт ускуналарининг баъзи деталлари йўқолиб қолганини маълум қилган.
Маърузада айтилишича, ушбу буюмлар ҳалокатдан сўнг дарҳол олинган фотосурат ва видеоёзувларда акс этган, бироқ терговчилар ишга киришган пайтгача улар ўз жойидан йўқолиб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 13 октябрь куни Нидерландия хавфсизлик кенгаши раҳбари Чиббе Яустра матбуот анжумани вақтида Украинада ҳалокатга учраган Boeing йўловчи самолёти «Бук» зенит-ракета мажмуаси ёрдамида уриб туширилганини маълум қилди.
Украина президенти Пётр Порошенко эса Нидерландия бош вазири Марк Рютте билан телефон орқали суҳбатлашиб, «Боинг» ҳалокати айбдорларини жазога тортиш бўйича чораларни келишиб олди.
«Боинг-777» самолёти Донбассда 2014 йилнинг 17 июлида қулаб тушган эди. Ҳалокат оқибатида 298 киши қурбон бўлган.
Изоҳ (0)