Қирғизистонда тергов изоляторидан қочган тўққиз маҳкумнинг етти нафари бир умрлик қамоққа ҳукм қилинган бўлган. Бу ҳақда Республика Жазони ижро этиш давлат хизмати тезкор-режимли бош бошқармаси бошлиғи Саломат Абдиев маълум қилди, деб ёзади «РИА Новости».
Унинг сўзларига кўра, қочиш вақтида турма сифатида ҳам ишлатиладиган тергов изоляторида чироқ бўлмаган ва видеокамералар ишламаган. «Улар маъмурий бино орқали қочиб кетган, ҳозирча бунга қай тарзда муваффақ бўлишганини билмаймиз», — деди у.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистоннинг Чуй вилоятида 12 октябрь, душанбага ўтар кечаси 50-рақамли тергов изоляторидан тўққиз нафар маҳкум уч нафар қўриқчини ўлдириб, қочиб кетди. Бундан ташқари, жазони ижро этиш муассасасининг бир нафар ходими яраланган. Полиция тез орада олиб қочилган автомобилни топиб, беш нафар жиноятчини қўлга олди. Қолган тўрт жиноятчи озодликда қолмоқда.
Изоҳ (0)