Россиянинг Буюк Британиядаги элчиси Александр Яковенко Бирлашган Қироллик ТИВга мурожаат қилиб, маҳаллий ОАВларда ИШИДга қарши операцияларда қатнашаётган британиялик учувчиларнинг Россия ҳарбий самолётларига ҳужум қилишига рухсат берилгани ҳақида пайдо бўлган маълумотни изоҳлашни талаб қилди. Бу ҳақда «Ведомости» хабар бермоқда.
Элчининг қўшимча қилишича, Россия томони Британия томонидан ИШИД инфратузилмаси объектлари жойлашуви ҳақида ахборот бериш бўйича сўровига жавоб олмаган.
Ўз навбатида, Давлат думасининг хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш қўмитаси раҳбари Ирина Яровая НАТО ОАВлар тарқатган ушбу маълумотни тасдиқлаши ёки рад этиши кераклигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Лондоннинг Daily Star газетаси Бирлашган Қироллик мудофаа вазирлигидаги манбаларига таяниб, НАТО мамлакатлари учувчилари, шу жумладан, кўп нишонли «Торнадо» қирувчи самолётларини бошқарувчи Британия ҳарбий учувчиларига Ироқ ҳаво ҳудудида «ҳаётлари учун хавф» туғилганида Россия ҳарбий самолётларига ҳужум қилиш ҳуқуқи берилгани ҳақида ёзган эди.
Изоҳ (0)