Туркия бош вазири Аҳмед Давутўғлининг қароргоҳида тўпланган Туркия Хавфсизлик кенгаши мамлакат ҳаво бўшлиғига ёриб кирган Россия самолётлари билан боғлиқ ҳодисаларни муҳокама қилди. Бу ҳақда Туркия ҳукумати расмий сайтига жойлаштирилган баёнотда сўз боради.
Хабарда қайд этилишича, «учрашувда Сурияда юз бераётган ҳодисалар ва Сурия—Туркия чегарасидаги чегара бузиш ҳолатлари», шунингдек, кейинги шундай ҳодисалар вақтида айбдорларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган чоралар батафсил муҳокама қилинган. Таъкидланишича, НАТО Туркия билан ҳамфикр эканлигини билдирган.
6 октябрь куни Туркия ташқи ишлар вазирлиги вакили Россия ҳарбий самолёти сўнгги уч кун ичида иккинчи марта Туркия ҳаво бўшлиғига бузиб кирганини маълум қилди. Туркия Мудофаа вазирлиги Туркия қирувчи самолётлари қайси давлатга тегишли эканлиги аниқ бўлмаган МиГ-29 самолётини нишонга олгани ҳақида ахборот берди.
Сурияга жойлаштирилган Россия авиагуруҳи таркибида МиГ-29 самолётлари йўқ. Бундай қирувчи самолётлар Сурия ва Эрон ҳарбий-ҳаво кучлари ихтиёрида мавжуд. Ҳаво чегараларининг бузилиши билан боғлиқ яна бир ҳодиса 3 октябрь куни юз берганди. Ўшанда Россиянинг Су-30 самолёти бир неча сония давомида Туркия ҳаво бўшлиғида парвоз қилган.
Изоҳ (0)