Британиянинг Ковентри шаҳрида икки қаватли йўловчи автобуси супермаркет биносига бориб урилиши натижасида икки киши ҳалок бўлди, олти киши тан жароҳати олди. Бу ҳақда BBC News хабар бермоқда.
Ҳодиса 3 октябрь, шанба куни маҳаллий вақт билан 18:00 да шаҳар марказидаги гавжум кўчада юз берди. «Йўловчи автобуси бир неча автомобилни уриб, симёғочни қўпориб, супермаркет биносига бориб урилди», — дея хабар бермоқда The Coventry Telegraph.
Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида жами саккиз киши жабрланган бўлиб, охир-оқибат уларнинг икки нафари — автобуснинг иккинчи қаватида бўлган саккиз яшар бола ва 70 ёшли пиёда аёл вафот этган. Жабрланувчиларнинг бири — тўққиз ёшли қизча оғир аҳволда касалхонага ётқизилган, қолган жабрланувчилар енгил шикастланган.
Ҳодиса жойида шошилинч хизматларнинг ходимлари иш олиб борди, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг вакиллари ёндош кўчаларни ёпиб қўйди. «Терговчилар ҳодиса тафсилотларини ўрганмоқда, ҳозирча ҳеч ким ҳибсга олингани йўқ», — дейди полиция вакили.
Изоҳ (0)