Россия Федерация кенгаши (Сенати) томонидан Россия қўшинларини бошқа давлатларга юбориш учун рухсат берилгани жаҳон хавфсизлик тизимини йўқ қилишга ташланган қадамдир. Бу ҳақда, «Корреспондент.net»нинг хабар беришича, Украина бош вазири Арсений Яценюк айтиб ўтди.
«БМТ Бош Ассамблеясининг 70-сессиясидан сўнг Россия томонидан бундай қарорнинг қабул қилиниши — глобал вазиятни беқарорлаштириш, жаҳондаги кескинликни ошириш, ҳарбий низоларни давом эттириш йўлида ташланган яна бир қадамдир ва бунга Россия шахсан жавобгардир», — деди Яценюк.
«Қўшинларни йўллаш ҳақидаги қарор ва Россия президентига ҳарбийларни жаҳоннинг исталган мамлакатига юбориш ҳуқуқининг берилиши — жаҳон глобал хавфсизлик тизимини йўқ қилишга қаратилган қадамдир. Бу номақбулдир. Халқаро ҳамжамият бу масалада зудлик билан муносабат билдириши лозим», — дея қайд этди Украина ҳукумати раҳбари.
Яценюкнинг қўшимча қилишича, Россия қўшинлари мамлакат Сенатининг тегишли қарорисиз ҳам Украинага кириб келган ва ҳали ҳам Қримда, Донецк ва Луганск вилоятларида қолмоқда.
Аввалроқ Россия Федерация кенгаши (Сенати) чет элда Россия қуролли кучларидан фойдаланишни бир овоздан қўллаб-қувватлаганди. Кенгашга бу масалада Россия президенти Владимир Путин мурожаат қилганди.
Изоҳ (0)