21—23 сентябрь кунлари Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Европа тиллари куни нишонланди. Бу ҳақда Британия кенгаши «Дарё»га маълум қилди.
Тадбирнинг биринчи икки куни Хорижий тилларни баҳолаш умумевропа тизими ҳамда унинг бутун дунё бўйлаб тил ўрганиш ва ўқитиш талабларига бағишланган семинарлардан иборат бўлди. Семинарларда Ўзбекистонда ишлаётган юзга яқин мактаб, касб-ҳунар коллежи, лицей ва университетларнинг инглиз, француз ва немис тиллари ўқитувчилари иштирок этди.
23 сентябрь куни ЎзДЖТУда элчихоналар ва маданият марказлари талабалар ва ўқитувчиларга интерактив кўргазма тақдим этилиб, у барча учун очиқ бўлди. Иштирокчилар тиллар ва маданиятлар хилма-хиллиги ҳақидаги машқларни бажариб, Европа тилларида бир неча сўзларни ўрганиш имкониятига эга бўлди.
Гёте институти, Британия Кенгаши, Европа иттифоқининг делегацияси, Франция, Украина, Болгария, Грузия, Латвия, Руминия, Швейцария, Британия ва АҚШ давлатлари элчихоналари ушбу тадбирда иштирок этди.
Изоҳ (0)