АҚШ Федераль тергов бюроси ходимлари мамлакатнинг собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон томонидан аввалроқ ўчириб ташланган электрон хатларни тиклашга муваффақ бўлди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
АҚШнинг NBC телекомпанияси манбаларига кўра, бунда гап Клинтон 2009—2013 йиллар оралиғида — АҚШ Давлат департаментига раҳбарлик қилган вақтида олиб борган ёзишмалар ҳақида бормоқда.
Маълум бўлишича, Клинтон хоним ҳали давлат котиби бўлиб ишлаётган вақтда — 2014 йил мартида иш бўйича масалаларни ҳал қилиш учун хизмат почтасидан эмас, балки шахсий электрон почтасидан фойдаланган.
Бу ҳолат Вашингтонда можарога сабаб бўлди ва Ҳиллари Клинтонни ички хавфсизлик қоидаларини қўпол равишда бузишда айблашга асос сифатида кўрсатилди.
Клинтон Давлат департаментининг сўрови бўйича ўзининг ишчи ёзишмаларини тақдим этди, айни вақтда, 30 мингга яқин хатни у шахсий деб ҳисоблаб, ўчириб ташлади. Бунинг учун Вашингтонда уни кескин танқид остига олишди.
ФТБ ҳозирги вақтда ўчириб ташланган хатларнинг барчасини тиклаганми ёки фақат бир қисмига нисбатан йўл очилганми, бунга аниқлик киритилмаяпти.
АҚШ маъмурияти мазкур хатлар ишчи ёки шахсий эканлигини мустақил равишда ўрганиб чиқиб, белгилашни ва шу асосда собиқ давлат котиби ўз фаолиятида хатоликка йўл қўйган-қўймаганини аниқлашни мақсад қилган.
Изоҳ (0)