Германия канцлери Ангела Меркелнинг маълум қилишича, президент Башар Асад Суриядаги вазият бўйича музокараларга жалб этилиши керак. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
«Биз кўплаб иштирокчилар, хусусан, Асад билан ҳам гаплашиб олишимиз керак», — деди Меркель 24 сентябрь куни муҳожирлар билан боғлиқ инқироз масаласида ўтказилган Европа Иттифоқи саммитидан кейинги матбуот анжуманида.
«Бу масалада нафақат АҚШ, Россия билан, балки Эрон, сунний мамлакатлар, Саудия Арабистони каби муҳим минтақавий ҳамкорлар билан ҳам мулоқотда бўлмоқ керак», — дея қўшимча қилди канцлер.
Айни вақтда, Франция президенти Франсуа Олланд музокараларда Асадга ўрин йўқ, деб ҳисобламоқда. «Суриянинг келажаги Башар Асадга боғлиқ эмас», — деди Франция давлат раҳбари саммитдан сўнг.
Аввалроқ, 19 сентябрь куни АҚШ давлат котиби Жон Керри Россия ва Эрон Сурия президенти Башар Асадни музокаралар столига ўтказишга кўмак бериши мумкин эди, деб фикр билдирганди.
Изоҳ (0)