Ямандаги исёнчи хусийларга қарши кураш олиб бораётган Саудия Арабистони бошлиқ араб мамлакатлари коалицияси самолётлари Яман пойтахти Санадаги Ички ишлар вазирлиги биносига зарба берди. Бу ҳақда «RIA Novosti» хабар бермоқда.
Шиа исёнчиларига қарши янги ҳаво операцияси 18 сентябрь, жума куни оқшомда ўтказилган. Маҳаллий аҳоли маълумотларига кўра, коалиция самолётлари шаҳар шимолидаги вазирлик биносига, шунингдек, полиция лагери ва ҳарбий биносига 10 га яқин зарба берган.
Яманда бир томондан шиаларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракатига мансуб исёнчи хусийлар ва собиқ президент Али Абдулла Солиҳга содиқ армия кучлари, иккинчи томондан қувғиндаги президент Абд Раббу Мансур Ҳодий қўшинлари ўртасидаги қуролли низо давом этмоқда. Саудия Арабистони бошлиқ араб мамлакатлари коалицияси Ҳодийнинг ёнини олиб чиқди ва 26 мартдан бери Яманнинг хусийлар назорати остидаги ҳудудларига авиазарбалар бермоқда.
Изоҳ (0)