Бразилия футбол конфедерацияси мамлакат миллий терма жамоаси ҳужумчиси Неймарнинг тўрт ойлик дисквалификацияси устидан Лозаннадаги спорт арбитраж судига шикоят қилади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Мазкур дисквалификация доирасида бразилиялик ҳужумчи миллий терма жамоанинг ЖЧ-2018 саралаши доирасида октябрь ойида ташкил этиладиган икки ўйини — Венесуэла ва Чилига қарши баҳсларни ўктазиб юбориши керак.
Неймар Америка Кубоги доирасидаги ўйиндан сўнг тўртта ўйинга четлатилган эди. 23 ёшли футболчи Колумбияга қарши гуруҳ босқичи учрашуви якунида рақиб футболчиси Карлос Бакка билан жанжаллашгани сабаб майдондан четлатилган.
Учрашув якунига етганидан сўнг эса Неймар ҳимоячи Пабло Армерони тўп билан нишонга олган, Бакка эса жамоадошининг ёнини олиб, Неймарни туртиб юборган. Дисквалификациядан ташқари, Неймар 10 минг евро миқдорида жарима ҳам тўлаши керак. Колумбияликлар ҳужумчиси Бакка эса икки ўйинга четлатилган.
Аввалроқ ФИФАнинг тартиб-интизом қўмитаси Неймарнинг дисквалификацияси бўйича Бразилия футбол конфедерацияси берган апелляцияни рад этганди.
Изоҳ (0)