Таиланд пойтахти Бангкокда бокс бўйича ўтказилаётган Осиё чемпионатининг ярим финалларида тўрт нафар ўзбекистонлик боксчи рингга кўтарилди ва улардан учтаси ҳали қилувчи баҳсга йўлланма олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Вазни 52 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари иштирокидаги мусобақаларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Шаҳобиддин Зоиров хитойлик Жиангуан Ҳу устидан 3:0 ҳисобида зафар қучиб, финалга чиқди. Ҳал қилувчи жангда Зоиров қозоғистонлик Олжас Саттибаевга қарши рингга кўтарилади.
Яна бир тажрибали ўзбек спортчиси Элшод Расулов ҳам ярим финал баҳсида кореялик Ҳеонгкю Ким устидан зафар қучиб, эртага, 5 сентябрь куни ўтказиладиган финал жангида қозоғистонлик Адилбек Ниязимбетов билан куч синашадиган бўлди.
Энг енгил (-49 кг) вазнда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Хасанбой Дўсматов АИБА байроғи остида иштирок этаётган ҳиндистонлик Девендро Синҳ Лаишрам устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва 5 сентябрь кунига белгиланган ҳал қилувчи финал жангида Роген Ладон (Филиппин)га қарши рингга кўтариладиган бўлди.
Оғирлик вазни 60 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасидаги мусобақаларда ярим финалга қадар мағлубиятсиз келган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Элнур Абдураимов ушбу босқичда мўғулистонлик боксчи қаршилигини енга олмади. Шунга қарамай Элнур Ўзбекистон ҳисобига Осиё чемпионатининг бронза медалини келтирди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 4 сентябрь куни, шунингдек, Муроджон Аҳмадалиев (-56 кг), Фазлиддин Ғоибназаров (-64 кг), Бектемир Мелиқўзиев (-75 кг) ҳамда Рустам Тўлаганов (-91 кг) ярим финал жангларида рингга кўтарилади.
Изоҳ (0)