Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида бокс бўйича ўтказилаётган Осиё чемпионатида Ўзбекистон чарм қўлқоп усталари қитъанинг етакчи жамоаларидан бири эканликларини исботлашда давом этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ярим финал жангларида энг кўп иштирокчига эга бўлган Ўзбекистон терма жамоаси бугун, 5 сентябрь куни ўтказиладиган финал жангларида ҳам энг кўп иштирокчи билан баҳс юритадиган бўлди. Ярим финал жангларида рингга кўтарилган 8 нафар ўзбек боксчисидан 7 нафари финалга чиққанлиги Ўзбекистон бокс мактаби йилдан йилга ўз мавқеини юксалтириб бораётганлигидан далолат беради.
Демак, 4 сентябрь куни бўлиб ўтган ярим финал жангларида Хасанбой Дўсматов (-49 кг), Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг), Муроджон Аҳмадалиев (-56 кг), Фазлиддин Ғоибназаров (-64 кг), Бектемир Мелиқўзиев (-75 кг), Элшод Расулов (-81 кг) ва Рустам Тўлаганов (-91 кг) рақиблари устидан ғалаба қозониб, Осиё чемпионатининг олтин медаллари учун курашни давом эттирадиган бўлди.
Шундай қилиб, 5 сентябрь куни 10 вазн тоифасида ўтказиладиган финал жангларнинг 7 тасида ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари рингга кўтарилади. Бундай кўрсаткични қитъа чемпионатида иштирок этаётган ҳеч бир терма жамоа қайд эта олмади.
Изоҳ (0)