Фарғона вилоятида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан 23 спорт иншооти фойдаланишга топширилди, деб хабар беради ЎзА.
Маълумотларга кўра, 2003—2014 йилларда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан вилоятда 165 спорт иншооти барпо этилди ва тубдан реконструкция қилинди. Бу мақсадлар учун 91 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
– Ҳар бир спорт мажмуаси маҳаллий шароитлар ҳисобга олинган ҳолда, ҳудуд ёшларининг қизиқиш ва имкониятларидан келиб чиқиб қурилаётир, – дейди Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Фарғона вилояти филиали директори Маърифжон Турдиматов. – Натижада халқаро ареналарда улкан марраларни забт этаётган иқтидорли спортчи-ёшларимиз сафи кун сайин кенгайиб бормоқда. 2015 йил манзилли дастур асосида вилоятимизда 199 умумтаълим мактабидаги спорт зали ҳамда 23 болалар ва ўсмирлар спорти, футбол мактаблари замонавий жиҳозлар билан таъминланмоқда. Бу эса, ўз навбатида, жойларда оммавий спорт турларини ривожлантириш, спорт мусобақалари кўламини кенгайтириш имкониятини бермоқда. Ўтган давр мобайнида вилоятимиз шаҳар ва туманларида 463 спорт мусобақаси ўтказилиб, уларга 250 мингдан ортиқ ёш жалб этилди.
Марғилон шаҳридаги Гўраввал маҳалласида 1 минг 200 нафар ёшга мўлжалланган замонавий спорт мактаби қурилиб, фойдаланишга топширилди. Футбол, баскетбол ва теннис майдонлари маҳалла ёшларининг ўзлари қизиққан спорт турларини пухта ўзлаштиришига хизмат қилади.
Изоҳ (0)