АҚШ Геология хизмати мамлакатнинг энг баланд тоғи — Денали чўққисининг янги баландлигини эълон қилди. Meduza’нинг ёзишича, олимлар Деналининг баландлигини 6190 метр деб баҳолади.
1950 йилларда ўтказилган аввалги ўлчашлар натижасига кўра, чўққининг баландлиги 6194 метрга тенг деб ҳисобланарди. Қайд этишларича, тоғнинг баландлиги аслида пасаймаган, шунчаки унинг баландлигини эски технологиялардан кўра янада аниқроқ ўлчай оладиган қурилмалар ёрдамида ҳисоблаб чиқилган.
Тоғнинг баландлигини аниқ ҳисоблаш учун июнь ойида алпинистлар чўққига кўтарилиб, у ерга GPS узатгичини ўрнатган эди. Чўққига кўтарилиш учун тўққиз кун вақт кетган, бу ҳақда Геология хизмати сайтида ҳисобот эълон қилинган эди.
АҚШ президенти Барак Обама 31 август куни мамлакатнинг энг баланд чўққиси номини ўзгартирган эди. Чўққига Денали деб ном берилди — тоғ Алясканинг туб-жой аҳолиси орасида шу ном билан аталган. Тоғ 1896 йилдан бери АҚШ президенти Уильям Маккинли шарафига Маккинли деб аталарди.
Изоҳ (0)