Дубай шаҳрида яқин вақт ичида «Дунё мўъжизаси» номли 60 гектар майдонни эгаллаган Қуръони карим боғи очилади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлар идораси портали хабар бермоқда.
Мазкур боғда Қуръони каримда зикр қилинган мева ва ўсимликларнинг 54 хили, жумладан, анжир, анор, зайтун, жўхори, кўк пиёз, саримсоқ, ясмиқ, арпа, буғдой, занжабил, қовоқ, тарвуз, ҳинд хурмоси (тамр ҳиндий), узум, банан, бодринг, райҳон кабилар экилган.
Зиёратчилар нафақат уларни томоша қилишлари, балки ўсимликларнинг фойдали жиҳатлари ҳақида маълумот олишлари ҳам мумкин бўлади. Қуръони каримда номи келган уч турли ўсимлик йиллар давомида ер юзида йўқ бўлиб кетгани сабабли, боғда уларни учратишнинг имкони йўқ.
Шунингдек, боққа ташриф буюрган меҳмонлар махсус жиҳозланган ер ости йўлида Қуръони карим оятлари ҳамда Қуръон мўъжизаларини тинглаб, видеолавҳаларни томоша қилишлари мумкин. Бундан ташқари, боғда болалар майдончаси, Умра бурчаги, амфитеатр, югуриш майдончаси ва велосипед учиш учун махсус йўлакчалар барпо этилган.
Изоҳ (0)