Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мамлакат миллий валютаси қадри пасаяётган бир вақтда бизнес вакилларини маҳсулотлар, айниқса, озиқ-овқат нархини асоссиз оширишдан тийилишга чақирди. «РИА Новости»нинг ёзишича, Назарбоев нархларни асоссиз оширганлар жазоланишини ваъда қилди.
20 август, пайшанба кунидан бошлаб Қозоғистон тенгенинг эркин алмашинувчи курсига асосланган янги пул-кредит сиёсатини амалга оширишга киришди ва валюта коридорини бекор қилди. Қозоғистон валюта биржаси (KASE)да 19 август, чоршанба куни доллар курси 188,38 тенгега тенг бўлган бўлса, 20 август тонгида 255,26 тенгегача кўтарилди.
«Биз барча акимлар (ҳокимлар)ни ва савдо билан шуғулланаётганларнинг ҳаммасини огоҳлантирдик: ҳеч қандай нарх ўсиши бўлмайди, айниқса, Қозоғистонда ишлаб чиқарилган, шу ерда сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ўсиши керак эмас. Нархни оширганларни тутиб, қаттиқ жазолаймиз», — деди Назарбоев бизнес вакиллари билан учрашув вақтида.
Қозоғистон президентининг сўзларига кўра, ҳукумат нарх-навонинг ўзгаришини диққат билан кузатиб боради.
Изоҳ (0)