17 август куни «Гарри Поттер ва афсунгарлар тоши» романи инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилиниб, Термизда нашрдан чиққани ҳақида хабар берган эдик.
«Дарё»нинг Facebook’даги саҳифасида ушбу хабар эълон қилингач, изоҳларда муштарийлар Гарри Поттер ҳақидаги асарлар таржимон Шокир Долимов томонидан таржима қилинганини маълум қилди. Шокир Долимов эса биз хабар берган таржима муаллифи Жўраали Солижонов ўзларидан оқ фотиҳа олиб кетганини маълум қилдилар.
Биз ушбу масалага аниқлик киритиш мақсадида таржимонга мурожаат қилиб, бу юзасидан қисқача маълумот беришни сўрадик. Бунга жавобан, Шокир Долимов Гарри Поттер ҳақидаги асарларнинг ўзлари томонидан қилинган таржималари тўғрисида мақола тайёрлаб бердилар. Эътиборингизга ушбу мақолани ўзгаришларсиз ҳавола этамиз.
«Гарри Поттер» асарини таржима қилиш фикри, таржима жараёни ва бу ҳақда китобхонларнинг хабардор қилиб борилиши ҳақида
Сеҳргар бола Гарри Поттер ҳақидаги етти қисмли асар асосида суратга олинган 8 серияли янги фильм оиламизга, айниқса, ўша йили эндигина 3-синфда ўқиётган кенжа ўғлим Шоҳжахонга жуда манзур тушган эди. Ўзига чиройлигина сеҳрли таёқча ясаб олган Шоҳжахон акаси Бобуржондан фильм ёзилган дискни қаердан бўлмасин, топиб келишни қатъий «илтимос» қилиб юрди.Ниҳоят топилди ўша диск. «Гарри Поттер»нинг 1-сериясини кўриб ўтирар эканмиз, катта ўғлим Бобуржон асарнинг рус тилига қилинган таржимасини ўқигани, мазкур фильм чала, айрим жойлари эса мутлақо нотўғри суратга олинганини маълум қилиб қолди.
Фильмнинг ашаддий мухлиси, «поттероман» бўлиб қолган Шоҳжахон акасидан ўша китобни унинг олдида қайтадан ўқиб, бобма-боб таржима қилиб беришни сўради. Сўрашга сўради-ю... менга, яъни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Марказий аппаратида ҳарбий хизмат ўтаб, мудофаа ва хавфсизлик соҳасига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар матнини давлат тилига ўгирадиган, фаолияти халқаро, миллий ва ҳарбий хавфсизлик, замонавий уруш ва ҳарбий ҳаракатлар, қуролли кураш воситалари ва шу каби бошқа бир қатор масалаларга доир матнларни таҳрир қилиш билан боғлиқ бўлган отасига ўтинч ва илтимосга тўлиб-тошган нигоҳ-ла қарашди.
Устасига фарқи йўқ. Ўша шанба ва якшанбани фарзандларим илтимосининг ижросига сарф этдим. Дастлабки боблар таржимасини эшитган бола ниҳоятда завқланди. Табиийки, эртасига у, бошқа «поттероман»ларга, яъни ўз ҳамфикр-синфдошларига асар борасидаги батафсил билими билан мақтанди. Синфдошлари эса ундан таржима матнини принтер воситасида қоғозга босиб келишни илтимос қилишди.
Боланинг ушбу илтимосини бажарар эканман, юртимиз ёшлари хорижлик замондошларидан ортда қолишига йўл қўйиб бўлмаслигини ўйлаб, бир хулосага, у ҳам бўлса, модомики асар шунчалик оммалашган, қизиқарли китоб экан, уни ўзбек ёшларига таржима қилиб бериш керак, деган хулосага келдим.
Шундай қилиб, 2009 йилдан бошлаб ҳарбий хизмат мажбуриятлари ижросидан бўш вақтимда фарзандларимиз, юртимиз ёшлари учун фойдадан холи бўлмаган иш билан шуғулланишга аҳд қилдим ва Буюк Британиялик болалар ёзувчиси Жоанна Кетлин Роулинг қаламига мансуб бўлиб, россиялик таржимон Мария Викторовна Спивак томонидан рус тилига ўгирилган «Гарри Поттер» асарини таржима қилишга киришдим.
Таржима жараёнида жонажон она тилимизнинг чексиз бойлигидан унумли, самарали фойдаланиш, ёш китобхоннинг гўзал тилимизга бўлган эътибори, ҳурмати ва муҳаббатини қўллаб-қувватлашга қўлдан келганча уриндим. Иш давомида ёшларимиз учун нотаниш бўлган терминлар, шунингдек, фут, дюйм каби ўлчов бирликлари, Европа халқлари таомларининг номлари ва шу кабиларга қисқа маълумотнома мазмунидаги изоҳ ва тушунтиришлар бериб бордим.
Мазкур асарни ўқиган бола ишончим комилки, мураккаб ҳаётнинг жуда кўп жиҳатлари, яхши-ёмонлиги, оқ-у, қораси, ёвузлик ва бағри тошлик билан эзгулик ва меҳр-шафқат ўртасидаги мангу курашдан оз бўлса-да хабардор бўлади, кўплаб қизиқарли маълумотлардан бохабар бўлиб, билими янада ошади.
Таъкидлаб ўтишим жоизки, Шоҳжахон билан акаси Бобуржон таржимам муҳаррирлари бўлиб ишлашди. Ҳар бир боб устидаги иш ниҳоясига етгач, таржима матнини уларга ўқиб бордим. Доно ўғлим Шоҳжахоннинг фикрича, асар қаҳрамонларининг исмлари фильмдаги исмларидан фарқ қилиб қолмаслиги шарт экан.
Мисол учун, М. Спивак таржимасида асар қаҳрамонлардан бирининг исми Огрид бўлса, фильмда Хагрид, одамларнинг тегишли тоифаси китобда «мугл» дейилган бўлса, фильмда «магл» дейилган ва ҳ. к. Илож қанча, итоат қилишга тўғри келди. Зеро, меҳнатим маҳсули айни шу бола ва унинг тенгқур юртдошлари, бошқа давлатларда яшаётган ўзбекзабон замондошларига бағишланган.
Савол туғилди: хўп, асарни таржима қилдим дейлик, таржима матнини китобхонга қандай етказаман?
Ўша йиллари «Орзу армонга айланмасин» деб номланган сайт бўлар эди. Асарни таржима қилаётганимдан хабар топган сайт маъмури мен билан боғланиб, таржима матнини китобхонларга бобма-боб кўрсатиб бориш таклифини киритди.
2010 йилнинг июль ойида «Гарри Поттер» асарининг I қисми, яъни «Гарри Поттер ва Фалсафий тош» таржимасини ниҳоясига етказдим ва бу ҳақда қўшимча равишда «uForum.uz»да 18 июль куни эълон бердим. Форумдошлардан таржима матни борасида фикр-мулоҳазалар билдириб боришларини илтимос қилдим.
Китобхонлар ўз кўзига ишонмай, «Орзу армонга айланмасин» сайтида навбатдаги боблар, боблар кетидан кейинги қисмларни яна ва яна сўрайверишди, электрон почтам мухлислардан келган илтимослар, баъзан талабларга тўлиб кетди. Уларнинг аксарияти, модомики, ушбу ишга қўл урибман, охиригача етказишимни илтимос қилишди.
2011 йилнинг январь ойида «Гарри Поттер» асарининг II қисми, яъни «Гарри Поттер ва Махфий хона» таржимасини ниҳоясига етказиб, китобхонлар эътиборига «Орзу армонга айланмасин» сайтида ҳавола этдим ва бу ҳақда яна «uForum.uz»да эълон бердим.
2011 йилнинг май ойида «Гарри Поттер» асарининг III қисми, яъни «Гарри Поттер ва Азкабан маҳбуси»ни таржима қилиш ишларини ниҳоясига етказиб, китобхонлар эътиборига ҳавола этдим.
2011 йилнинг август ойида «Гарри Поттер» асарининг IV қисми, яъни «Гарри Поттер ва Оташли жом» таржимасини ниҳоясига етказдим.
Бироқ таржималарим китобхонлар эътиборига ҳавола этиб борилган «Орзу армонга айланмасин» сайтининг юритилиши, унга янги боблар киритилиши ўша йилнинг август ойидан буён негадир тўхтатилган эди. Тегишли саволлар билан мурожаат қилган хатларим ҳам жавобсиз қолди.
Шу боис, оддийгина блог яратдим-да, унга асар таржимасининг китобхонлар эътиборига муқаддам ҳавола этилган учта қисми, хусусан «Гарри Поттер ва Фалсафий тош», «Гарри Поттер ва Махфий хона», «Гарри Поттер ва Азкабан маҳбуси» ва тўртинчи қисми: «Гарри Поттер ва Оташли жом»ни жойладим ва бу ҳақда «uForum.uz» ҳамда фейсбукдаги саҳифамда эълон бердим.
2012 йил декабрь ойида «Гарри Поттер» асарининг V қисми, яъни «Гарри Поттер ва Қақнус ордени»ни таржима қилиш ишларини ниҳоясига етказиб, китобхонлар эътиборига ҳавола этдим ва одатдагидек, бу ҳақда яна «uForum.uz» ва фейсбукдаги саҳифамда эълон бердим.
2013 йили асарнинг таржима қилинган барча қисмлари ўша вақтда мавжуд бўлган электрон кутубхонага кирилл ва лотин имлоларида киритилди. Лекин ўша электрон кутубхона менга номаълум сабаблар туфайли ишламай қўйди.
2015 йил авгут ойида «Гарри Поттер» асарининг VI қисми, яъни «Гарри Поттер ва чала зот Шаҳзода»ни таржима қилиш ишларини ниҳоясига етказиб, блог саҳифалари орқали китобхонлар эътиборига ҳавола этдим ва бу ҳақда яна «uForum.uz» ва фейсбукдаги саҳифамда эълон бердим.
Таъкидлаб ўтмоқ жоизки, 2008 йили бўлса керак, ушбу асарнинг биринчи қисми биринчи ва иккинчи бобларини бир талаба қиз таржима қилишга уринган, лекин негадир ишни охиригача етказмаган. «Чашка» «Фунжон» деб таржима қилинишини илк бор унинг матнида учратган эдим.
2014 йили эса сурхондарёлик талаба дўстимиз Жўраали Солижонов «Гарри Поттер» асари таржима қилинганидан бехабар қолган тарзда, унинг биринчи қисми, яъни жами 17 бобдан иборат «Гарри Поттер ва Фалсафий тош»нинг дастлабки 9 та бобини инглиз тилидан ўзбек тилига илмий иш сифатида таржима қилган. Асар таржима қилинганидан хабар топгач, Тошкентга келиб, мен билан учрашди ва мендан тегишли йўл-йўриқлар олиб кетди.
Ҳа, айтгандай, ўғлим Шоҳжахон бугунги кунда 8-синфга ўтган бўлса, акаси Бобуржон Қуролли Кучлар сафида ўз йигитлик бурчини ўтаб қайтгач, Тошкент Молия институтида таҳсил кўрмоқда.
Шокир Зокирович Долимов
2015 йил 18 август
Изоҳ (0)