«Ўзавтосаноат» АК тизимидаги қўшма корхоналар сони яна биттага кўпаядиган бўлди. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 июлдаги қарорига кўра, мамлакат автомобиль саноатини келгусида янада ривожлантириш, двигателлар ишлаб чиқаришда маҳаллийлаштириш даражасини янада кўтариш мақсадида General Motors Powertrain-Uzbekistan АЖнинг двигателлари учун алюминий қисмларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган UZAUTO-INZI қўшма корхонаси ташкил этилди.
Ҳужжатга кўра, «Ўзавтосаноат» АК ва INZI AMT Co., Ltd. (Корея Республикаси) компаниялари ўртасида босим остида алюмин деталларни юқори аниқликда қуйиш усулида ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича лойиҳани амалга ошириш ҳақидаги келишувга эришилди. Ушбу мақсадда низом жамғармаси 10 миллион АҚШ доллари эквивалентига тенг бўлган МЧЖ кўринишидаги UZAUTO-INZI қўшма корхонаси ташкил этилди. Қўшма корхона 2017 йилнинг 1 январидан маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлайди.
Шу муносабат билан UZAUTO-INZI МЧЖ қўшма корхонасининг ишлаб чиқариш майдони учун 6,9 гектардан иборат ер майдони тақдим этилди. Шундан 5,3 гектари General Motors Powertrain-Uzbekistan АЖнинг қурилишдан ҳоли ҳудудига тўғри келади.
Ташкил этиладиган ишлаб чиқариш ҳудудида автомобиллар, двигателлар ва генераторлар учун жами 43 турдаги бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 2,4 тонна алюминий қуймасини қайта ишлашга тенг.
Изоҳ (0)