Япониянинг Kyushu Electric Power компанияси 11 август, сешанба куни Кюсю оролидаги Кагосима префектурасида жойлашган «Сэндай» атом электр станцияси 1-реакторини ишга туширди. Бу 2013 йилда охирги япон реактори ёпилгандан бери фаолиятини қайтадан бошлаган биринчи қурилма ҳисобланади. Бу ҳақда Япониянинг NHK телеканалига асосланиб, «Ведомости» хабар бермоқда.
Ушбу реактор дунёдаги энг қаттиқ талаблар қўйилган хавфсизликнинг янги қоидалари асосида фаолият юритади. У 14 август, жума кунидан бошлаб электр энергияси ишлаб чиқара бошлаши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2011 йил мартида «Фукусима-1» АЭСда рўй берган ҳалокатдан сўнг мамлакатдаги қолган 48 та ядро реактори фаолияти тўхтатилган эди. Япония бош вазири Синдзо Абэ бу реакторларни яна ишга тушириш тарафдори, чунки маъмурлар мамлакат эҳтиёжи учун четдан қиммат нархларда энергия харид қилишга мажбур бўлмоқда.
Изоҳ (0)