Москва вилоятида 14 ёшли ўқувчи қиз темир йўл устида селфига тушишга уриниш чоғида ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Қайд этилишича, уч нафар вояга етмаган қиз яхши селфига тушиш мақсадида Москва темир йўлларининг Киев йўналишидаги Толстопальцево бекатига келган.
Улардан бири станцияда турган юк поездининг цистернаси устига чиқиб, тикка турган ва электр симини ушлаган. 27 минг вольт қувватга эга ток ургач, қиз воқеа жойида ҳалок бўлган. Ҳодиса юзасидан текширув ишлари бошланган.
Аввалроқ, Москвада 21 ёшли қиз дўстлари билан суратга тушаётиб, кўприкдан қулаб тушган ва ҳаётдан кўз юмгани хабар берилган эди. Шундан кейин Россия Ички ишлар вазирлиги аҳолиги хавфсиз селфи қоидаларини тушунтиришга қарор қилган ва Москвада баланд уйлар томлари, кўприклар ва хавфлилик даражаси юқори бўлган бошқа объектларда селфининг хатари тўғрисида огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)