Миср ҳукумати араб мамлакатлари коалицияси томонидан Ямандаги исёнчи шиалар (хусийлар)га қарши олиб борилаётган ҳарбий операциядаги иштирокини яна олти ойга узайтирди. Бу ҳақда «Kommersant.ru» хабар бермоқда.
Мазкур қарор Миср Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилиши якунларига асосан қабул қилинган. Мисрнинг миссиядаги иштироки Форс кўрфази, Қизил денгиз ва Боб ал-Мандиб бўғозидаги Миср ва араб миллий хавфсизлигини ҳимоя қилиш мақсадида узайтирилган.
Эслатиб ўтамиз, ярим ҳудуди шиа гуруҳлари — хусийлар томонидан эгаллаб олинган Ямандаги низога бевосита ҳарбий йўл билан аралашиш ҳақидаги қарор Саудия Арабистони томонидан қабул қилинган эди.
Саудия Арабистони ҳукуматидаги манбаларнинг таъкидлашича, Яманга қуруқликдан бостириб кириш режаси йўқ, асосий куч Яман қабилаларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Афтидан, Эрон ҳам хусийларга худди шу тактика асосида кўмак кўрсатишни мақсад қилган. Бу ҳолат эса Яманни узоқ йиллар давомида ислом дунёсининг икки етакчиси ўртасидаги қарама-қаршилик майдонига айлантириб қўяди.
Изоҳ (0)