Колумбия президенти Хуан Мануэл Сантос мамлакат қуролли кучларига ноқонуний Колумбия инқилобий қуролли кучлари (FARC) исёнчи гуруҳига тегишли базаларни бомбардимон қилишни тўхтатиш ҳақида буйруқ берди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
«FARC’нинг ўт очишни бир томонлама тўхтатиш ҳақидаги баёнотидан сўнг, мен бугунги кундан бошлаб, FARC кучлари тўпланган ҳарбий базаларни бомбардимон қилишни тўхтатиш ҳақида буйруқ бердим», — деди президент Сантос.
Унинг қайд этишича, шу ондан бошлаб, FARC базалари фақатгина президентнинг буйруғига асосан бомбардимон қилиниши мумкин.
Хуан Мануэл Сантоснинг сўзларига кўра, мазкур чора «FARC кучлари шаҳар иншоотларидан узоқда бўлса ва тинч аҳоли вакиллари ҳаётига хавф солмасагина» самарали бўлади.
Аввалроқ, агар FARC ўт очишни тўхтатиш тартибига риоя этадиган бўлса, Колумбия ҳукумати исёнчи гуруҳга қарши қуролли қаршилик кўрсатишни бас қилишга рози эканлиги ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)