Рамазоннинг 20-кечаси Макка шаҳридаги Масжидул Ҳарамда ўқилган таровиҳ намозининг дастлабки ўн ракатига асл миллати ўзбек бўлган Шайх Ҳасан бин Абдулҳамид Бухорий имомлик қилди. Бу ҳақда «Qadriyat.uz» хабар бермоқда.
Шайх Бухорийга унинг шогирди, асли ўзбек Шайх Аҳмад Юнус Хўжа таблиғчилик қилди (таблиғ — ҳарамайнда имомдан сўнг такбирни такрорлаш).
Маълумот учун, Масжидул Ҳарам устози бўлган доктор Ҳасан Абдулҳамид Бухорий Маккадаги Уммул-Қурро Университети уламолари кенгашининг аъзосидир. У мазкур университетида шариат ва фиқҳдан таълим олган, 2008 йилдан шу олийгоҳнинг доктори. Доктор Бухорий «Иқтисодий бойкотнинг ҳуқуқий асослари» китоби муаллифи.
Тасдиқланмаган норасмий маълумотларга кўра, Саудия Арабистонида 300 мингдан 1 миллионгача ўзбеклар истиқомат қилади — уларни туркистонликлар, бухорийлар деб ҳам аташади. Улар асосан Макка, Мадина, Жидда ва Тоиф шаҳарларида яшайди.
Изоҳ (0)