Жорий йилда 33 мингдан ортиқ талаба «Бунёдкор» ёшлар меҳнат ҳаракатида иштирок этади. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Улар 721 объектда олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишларида қатнашиши режалаштирилган. Ҳозирга қадар ушбу жамоаларга 17 мингдан ортиқ ёш жалб этилган.
«Бунёдкор» меҳнат гуруҳлари талаба-ёшларнинг мутахассис ва шахс сифатида шаклланишида муҳим ўрин тутади. Бунда ёшлар жамоада ишлаш, қолаверса, муомала маданиятини орттиради», – дейди «Камолот» ЁИҲ марказий кенгашининг фаол ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Шавкат Зайниддинов.
Мазкур меҳнат ҳаракатига йигит-қизлар кўнгилли тарзда қабул қилинади. Уларга ишга тушишдан олдин режалаштирилган меҳнат тури бўйича тушунтириш берилади, тиббий кўрикдан ўтказилади.
«Камолот»нинг ҳудудий кенгашларида «Бунёдкор» ёшлар меҳнат ҳаракатини ташкил этиш, меҳнат объектлари ва иш ўринларини аниқлаш бўйича бошқарув штаблари ташкил этилган. Олий таълим муассасалари ва маҳалла фуқаролар йиғинларида «Бунёдкор» ёшлар меҳнат ҳаракатини ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳлар фаолият олиб бормоқда.
Маълумот учун, 2014 йили мазкур лойиҳага 30 мингдан ортиқ йигит-қиз жалб этилган эди.
Изоҳ (0)