Люксембург 1 июлдан эътиборан кейинги ярим йил учун Европа Иттифоқи раисига айланди. «Сегодня.ua» хабарига кўра, Европа Иттифоқининг асосчиларидан бири ҳисобланган мазкур герцоглик 12-марта Евроиттифоққа раислик қилади.
Люксембург ва расмий Брюссель ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилган: бир неча йил давомида Люксембург бош вазири сифатида ишлаган Жан-Клод Юнкер 2014 йил ноябридан бери Еврокомиссия раҳбари саналади.
Грециядаги қарз инқирози яқин ойлар давомида Европа Иттифоқидаги бош мавзу бўлиши кутилмоқда. Бундан ташқари, Люксембург ўз раислиги даврида иқтисодий ўсиш ва аҳоли бандлиги кўрсаткичларини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ноқонуний муҳожирларнинг Европага оммавий оқиб келиши, ички бозор ва Иттифоқнинг ташқи сиёсатдаги ўрни каби масалаларга ҳам биринчи галда эътибор қаратиш ниятида.
Люксембург Европа Иттифоқи раислигини Латвиядан қабул қилиб олди. 2016 йил 1 январдан бошлаб Европа Иттифоқи раиси лавозими Голландияга топширилади.
Изоҳ (0)