Европарламентнинг франциялик депутати Янник Жадо АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигининг собиқ ходими Эдвард Сноуденга сиёсий бошпана бериш таклифини илгари сурди, деб хабар беради «Газета.ru».
Депутат Америка махсус хизмати Франция президентларини кузатганига жавобан бу ишни амалга оширмоқчи.
Le Figaro газетаси берган маълумотларга кўра, Жадо «Сиёсий бошпанага эҳтиёж сезаётган Эдвард Сноуденга паспорт бериш»ни талаб қилган. Жадо яна Франция Сноуденни қабул қилса, Америка махсус хизматининг собиқ вакили АҚШнинг айғоқчиликлари тўғрисида кенгроқ маълумот бериши мумкинлигини таъкидлаб ўтган.
Маълумот учун, 23-июнь куни Libération газетаси ва Mediapart сайти томонидан WikiLeaks билан ҳамкорликда ўтказилган журналист текшируви натижалари эълон қилинди. Унда айтилишича, АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги 2006—2012 йилларда Франциянинг уч президенти — Жак Ширак, Николя Саркози ва Франсуа Олланд, шунингдек уларнинг энг яқин ёрдамчиларининг телефон суҳбатларини эшитган ва электрон хатларини ўқиган.
Изоҳ (0)