Арманистоннинг Арминфо нашри хабар беришича, Арманистон президенти Серж Саргсян электр энергияси нархи ошишига қарши норозилик акциялари ўтказаётганларга ён берган. Бу ҳақда «Meduza» нашри хабар қилмоқда.
Журналистлардаги маълумотларга кўра, Саргсян қарорни қайта кўриб чиқишга буйруқ берган. Ижтимоий хизматларни тартибга солиш комиссияси раҳбари ушбу масала бўйича бош вазир ҳузурига чақирилган.
Ҳозирча бу маълумот расман тасдиқлангани йўқ. Бундан ташқари, олдинроқ Ижтимоий хизматларни тартибга солиш комиссияси матбуот котиби Мариам Степанян тарифлар ошиши ҳақидаги қарорни комиссия қайта кўриб чиқмаслигини билдирганди.
Ереван марказида 22 июндан бери электр энергияси нархи ошишига қарши оммавий намойишлар ўтказиб келинмоқда. 23 июнь куни полиция намойишчиларни тарқатиб юборган ва 200 дан ортиқ кишини қўлга олганди. Аммо бир кун ўтгач норозилик акциялари қайта тикланди ва Арманистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам давом этди.
Изоҳ (0)