Бельгия суд нозирлари мамлакатдаги Россиянинг давлат активларини хатлади, дея хабар бермоқда «РБК». Қарор Гаага арбитражининг «Юкос Юниверсал Лимитед» даъвоси бўйича ҳукми асосида қабул қилинган.
Россиянинг Бельгиядаги муассасалари суд нозирларидан ҳужжат олди, унда айтилишича, уларнинг ихтиёрида бўлган Россия давлат мол-мулки ва уларнинг давлат олдидаги қарзлари хатга олинган. Ушбу чора дипломатик ваколатхоналарга тегишли бўлмаган.
Гаага арбитражида ЮКOС собиқ акциядорлари манфаатларини ҳимоя қилувчи GML раҳбари Тим Осборн аниқлик киритишича, хатлаш ушбу суднинг 2014 йил 18 июлдаги қарори бўйича амалга оширилган. Унга кўра, Россия ЮКOС собиқ эгаларига 50 миллиард доллар тўлаши керак.
Россиянинг бошқа мамлакатлардаги мол-мулклари хатланиш-хатланмаслиги ҳақидаги саволга жавобан, Осборн суд жараёнлари турли давлатларда турлича вақт олишини айтди. «Биз шубҳасиз Россия активларини хатга оламиз, чунки Россия суд қарори бўйича тўлашдан бош тортди», — деди у.
Эслатиб ўтамиз, 2006 йилда Москва ҳакамлар суди солиқ органи аризаси билан ЮКOСни банкрот деб эълон қилган, унинг асосий активлари «Роснефть»га ўтган эди. ЮКOС собиқ акциядорлари Гаага судига мурожаат қилиб, компания мажбуран тортиб олингани учун товон пули талаб қилган.
Изоҳ (0)