Туркия собиқ президенти ва бош вазири Сулаймон Демирелнинг вафоти муносабати билан мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилинди. Бу ҳақда, Туркия бош вазири Аҳмет Давутўғлуга асосланиб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Сулаймон Демирел чоршанба куни 91 ёшида Анқарадаги касалхоналардан бирида вафот этди. Anadolu агентлиги хабарига кўра, мамлакатнинг собиқ етакчиси юрак хасталигидан вафот этган.
Журналистлар олдида чиқиш қиларкан, Туркия ҳукуматининг амалдаги раҳбари Аҳмет Давутўғли Демирелнинг ўлими муносабати билан 17 июндан эътиборан уч кунлик миллий мотам эълон қилинишини билдирди.
Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва бош вазир Демирелнинг ўлими муносабати билан унинг яқинлари ва Туркия халқига ҳамдардлик билдирди. «Туркия тарихида чуқур из қолдирган ва мамлакат ривожига кўмак берган Сулаймон Демирел сиёсий тарихимиздаги энг муҳим шахслардан биридир», - деди Эрдўған.
Сулаймон Демирел 1924 йил 1 ноябрь куни туғилган бўлиб, Туркия Адолат партияси асосчиларидан бири ҳисобланади. 1993-2000 йиллар давомида у Туркия президенти бўлган, шунингдек, беш марта бош вазир лавозимига тайинланган. Демирелнинг дафн маросими 19 июнь куни Анқарада бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)