Мамлакат қишлоқ хўжалигида космик маълумотлардан фойдаланиш кенгаяди. Бу ҳақда 31 июль куни президент Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишда маълум қилинди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда қишлоқ хўжалигида космик маълумотлардан фойдаланиш ва соҳани рақамлаштириш ишлари муҳокама қилинган.
Қайд этилишича, тармоққа аэрокосмик технологиялар жорий этиляпти. Бу қишлоқ ва сув хўжалигидаги ҳақиқий ҳолатни, камчиликларни очиқ-ойдин кўрсатиб беради.

Икки йил мобайнида соҳада фойдаланилаётган 4 миллион гектардан зиёд ерлар космик мониторинг қилинган. Аниқланишича, ҳисоботларда кўрсатилган айрим майдонларда пахта экилмаган, баъзан эса захирадаги ёки эгаси номаълум ерларга экилган. Шу сабаб давлат томонидан ажратиладиган имтиёзли кредитларнинг мақсадли ишлатилишини масофавий мониторинг қиладиган тизим йўлга қўйилиши белгиланди.
“Иқлим ўзгариши ва сув тақчиллигидан келиб чиқиб, юртимизда кам сув талаб қиладиган янги навлар ва агротехнологияга ўтилмоқда. Лекин экинларни суғоришда сув сарфи меъёри ҳозирги ҳақиқатдаги талабга жавоб бермаслиги кўрсатиб ўтилди. Гидромодул районлаштириш ёндашуви ҳам эскирган. Оқибатда каналлар охирида жойлашган 3 мингдан зиёд фермерга сув етиб бормаяпти. Қишлоқ ва сув хўжалиги тизимидаги илмий институтларни жалб қилган ҳолда суғориш меъёри ва гидромодул районлаштиришни тўлиқ янгилаш вазифаси қўйилди”, дейилади манба хабарида.

Йиғилишда фермерлар сарфлаётган сувнинг ҳалигача аниқ ҳисоби йўқлиги айтилган. Жараённи рақамлаштириш, сув ҳисобини юритиш зарурлиги таъкидланган. Барча сув омборларига “ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатиб, сув миқдорини онлайн кузатиш, улардаги лойқани камайтириш вазифалари қўйилган.
“Ер билан сув қишлоқ хўжалигимиз тақдирини ҳал қилувчи масала”, деган Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда соҳани рақамлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
“Ҳозир фермерлар ер, кредит, субсидия ва агрохизматлар бўйича 30 дан ортиқ платформадан фойдаланяпти. Буни осонлаштириш учун улар бирлаштирилиб, ‘Рақамли қишлоқ хўжалиги’ ягона интеграцион платформаси ишга туширилади. Энди даласига нима экишни фермернинг ўзи ҳал қилади. Буни платформага ҳам унинг ўзи киритади. Натижада асосий, такрорий ва тўқсонбости экинлар миқдори олдиндан кўринади. Бу озиқ-овқат хавфсизлиги, нарх-наво барқарорлиги ва деҳқонларнинг даромадида жуда муҳим”, дея қайд этган манба.
Йиғилишда бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров бошчилигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича комиссия тузилиши белгиланган. Етишмаётган маҳсулотни кўпайтириш учун имтиёзли кредит ва субсидия берилиши топширилган.

Соҳада учувчисиз аппаратлардан фойдаланиш ҳам режалаштирилмоқда. Кузда 100 дан зиёд замонавий дрон олиб келинади. Мутасаддиларга хусусий секторни жалб этиб, фермерларга дронлар ёрдамида хизматларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилди.
Шу билан бирга, мажлисда сомонпояларни ёқишга чек қўйишнинг қонуний асосларини яратиш зарурлиги айтилган.
Космик тадқиқотларда қурилиш, кадастр, норуда конлари, ўрмон ва яйлов ерлари бўйича ҳам таҳлиллар борлиги таъкидланиб, вазирлар ва ҳокимларга уларни ўрганиб, режалар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.
Изоҳ (0)