PocketBook компанияси Тайваннинг Readmoo бренди билан ҳамкорликда рангли экранга эга Color Note Joint Edition қурилмасини тақдим этди. Планшет E‑Ink Kaleido 3 технологиясига асосланган бўлиб, 10,3 дюймли рангли дисплейга эга.

Қурилма асосан китоб ўқиш ва ҳужжатлар билан ишлашни истовчилар учун мўлжалланган. Планшет LCD экранларга қараганда анча қулай бўлиб, дисплейида шиша қатлам мавжуд эмас. Бу эса кўзларни чарчатмаслик ва узоқ фойдалангандан сўнг ҳам оғритмаслик имконини беради.

Рангли режимда планшет экраннинг аниқлиги 702×936 пиксел бўлиб, 4 096 хил рангларни тасвирлай олади. Қора-оқ режимда эса аниқлик 1 404×1 872 пикселда 16 хил кулранг туси ажрата олади.

Қурилма билан бирга ўта сезувчан ва ўчирғич функциясига эга Wacom EMR стилуси (электрон ручка) тақдим этилади. Планшетнинг ўзи эса Android 12 тизимида ишлайди. У тўрт ядроли процессор, 4 ГБ тезкор хотира ва 32 ГБ доимий хотирага эга. Хотирани SD-карта орқали кенгайтириш мумкин.

Color Note олд қисмида ёритгич, Wi-Fi ва Bluetooth мавжуд бўлиб, ePub ва PDF каби турли форматлардаги файллар билан ишлайди. Аудиокитобларни эса махсус динамиклар орқали тинглаш мумкин. 4 000 мА/соат сиғимга эга батарея USB‑C порти орқали қувватланади ва тез зарядлаш функциясини қўллаб-қувватлайди.
Color Note планшети ҳозирча фақат Тайванда сотувга чиқарилган, унинг нархи 21 минг Тайван доллари (тахминан 700 АҚШ доллари)ни ташкил қилади.
Изоҳ (0)