Япония суди Окинава префектурасидаги АҚШнинг Футемма авиабазаси яқинида истиқомат қилувчи аҳолига 754 миллион иена (6,1 миллион доллар) миқдорида компенсация пули тўлаш мажбуриятини ҳукуматга юклади. Бу ҳақда The South China Morning Post хабар бермоқда.
Товон пули 2,2 мингдан ортиқ японияликка тўланади. Улар, уйлари авиабазага яқин жойлашгани сабаб, кучли шовқин оқибатида уйқусизлик ва тушкунликка тушиб қолганликларидан шикоят қилган.
Нашрнинг қайд этишича, ҳозирги вақтда Токио ва Вашингтон авиабазани Окинаванинг аҳоли нисбатан кам яшайдиган қисмига кўчириш имкониятларини муҳокама қилмоқда. Бироқ префектура губернатори бунга қарши чиқмоқда.
2010 йили Фукуока префектураси Олий суди авиабазага қўшни эканлигидан нолиган фуқароларга 369 миллион иена миқдорида товон пули тўлаш мажбуриятини ҳукуматга юклаганди. Шунингдек, японияликлар америкаликлардан эрта тонг ва ярим тундаги парвозларни тўхтатишни сўраганди, бироқ бу талаб қондирилмаган.
Изоҳ (0)