Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ва «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси томонидан Тошкентдаги 1-Республика тиббиёт коллежида «Одам савдоси: глобал муаммога қарши бирга курашайлик!» мавзусида учрашув ташкил қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитаси матбуот хизмати.
Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси, Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация маркази ва «Истиқболли авлод» ижтимоий ахборот маркази билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур тадбирда коллеж талабалари, устоз-мураббийлар, божхоначилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ҳозирги пайтда ер юзида 2,7 миллион нафардан 4 миллион нафаргача кишилар одам савдоси қурбонига айланган бўлиб, ушбу жиноий фаолият натижасида жиноят олами вакиллари орттираётган даромад миқдори 7—12 миллиард АҚШ долларини ташкил қилмоқда. Дунёнинг 150 дан ортиқ давлатларини қамраб олган мазкур глобал муаммо домига тортилаётганларнинг 700—800 мингдан ортиғи алдов йўли билан чет элларга олиб кетилган болалар ва аёллардир.
Одам савдосига қарши курашиш бўйича биргина «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда 2014 йил ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 10 га яқин қонунбузилиш ҳолати фош қилинган.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан эса ўтган йиллар давомида кўрилган тезкор қидирув тадбирлари самараси ўлароқ, 15 дан ортиқ ёш қизларнинг ишончига кириб, алдов йўллари билан Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Россия, Ҳиндистон каби давлатларга олиб чиқиб кетиб, келгусида фоҳишабозликка мажбурлашни кўзлаган бир гуруҳ шахслар қўлга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилди.
Қизғин давом этган учрашув сўнггида, коллеж талабаларига «Истиқболли авлод» ижтимоий ахборот маркази томонидан тайёрланган ва ўзида одам савдоси бўйича муҳим тавсия ва кўрсатмаларни акс эттирган турли тарқатма материаллар тарқатилди.
Изоҳ (0)