Дания пойтахти Копенгаген шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича ўтказилган Жаҳон кубогининг учинчи босқичида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 3 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медалига сазовор бўлиб, умумжамоа ҳисобида Германия терма жамоасидан сўнг иккинчи ўринни эгаллади, деб хабар қилади Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Дунёнинг 35 давлати вакиллари иштирокида бўлиб ўтган мазкур мусобақада Вадим Меньков ва Серик Мирбеков жуфтлиги икки кишилик қайиқда 500 ва 1000 метр масофаларга каноэда эшкак эшиш бўйича ўтказилган пойгаларда марра чизиғига биринчи бўлиб етиб келди ва иккита олтин медални Ўзбекистон ҳисобига келтирди. Яна бир олтин медалга хотин-қизлар ўртасида 200 метр масофага каноэда эшкак эшиш бўйича бир кишилик қайиқда ўтказилган пойгада Дилноза Рахматова сазовор бўлди.
Вадим Меньков ва Серик Мирбековдан иборат жуфтлик, шунингдек, 200 метр масофага каноэда эшкак эшиш мусобақасида иккинчи ўринни эгаллади. Бундан ташқари 200 метр масофага каноэда эшкак эшиш бўйича ўтказилган мусобақада Нилуфар Зокирова ҳамда 1000 метр масофага каноэда эшкак эшиш бўйича ўтказилган пойгада Герасим Кочнев ҳам кумуш медаль совриндори бўлди.
Герасим Кочнев 5000 метр масофага каноэда эшкак эшиш мусобақасида бронза медали соҳиби бўлди. Яна бир бронза медалга байдаркачи Алексей Мочалов 500 метр масофага бўлиб ўтган пойгада сазовор бўлган.
Изоҳ (0)