Ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг Ўзбекистон — Гондурас ўртасидаги ўйиндан кейин бўлиб ўтган матбуот анжуманининг биринчи қисмида Ўзбекистон U-20 терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров қатнашди, деб хабар қилади «Uff.uz».
Равшан Ҳайдаров: Афсуски, чемпионатни кутилганидек бошлай олмадик. Уни ғалаба билан бошламоқчи эдик. Ўйин бошида йўл қўйган хатоларимиз бизга қимматга тушди. Айниқса, дарвозабон ва ҳимоячилар хатоси жуда қўпол бўлди. Ўйин бошида бизда яхши имконият бўлди, аммо биз фойдалана олмадик, улар эса фойдаланди.
- Кўпчиликнинг фикрига кўра, иккинчи турдаги Германия билан ўйин муҳимроқ эди, шу фикрга қўшиласизми ёки сиз бошқача фикрдамисиз?- Йўқ. Қайтанга биринчи ўйин доимо муҳим бўлади, чунки биринчи ўйинда қўлга киритиладиган очко жуда муҳим. Бугун хатоларимиз туфайли буни уддалай олмадик. Улар устида ишлаймиз. Германияга қарши ўйин муҳим ва бу учрашув ҳали ўз муҳимлигини йўқотмади. Уларга қарши ўйин учун бошқача тайёрланамиз.
- Биринчи турдаги мағлубият режаларингизни ўзгартириб юбормадими? Умуман жаҳон чемпионатидан нималарни кутмоқдасиз. Кейинги босқичга чиқиш учун имкониятларни қандай баҳолайсиз?- Ҳа, бироз режаларимиз ўзгарди. Германияга қарши бошқача тайёрланамиз. Бугунги мағлубият йигитларни янаям масъулиятлироқ бўлишга ундайди, деб умид қиламан. Ҳали олдимизда яна иккита ўйин бор ва уларда очко олишга ҳаракат қиламиз. Ҳар бир ўйиннинг аҳамияти бошқа. Имкониятимиз бор. Улардан фойдаланамиз насиб қилса. Германияга қарши ўйин ҳақида ўйлаш учун, аввало бугунги ўйинни унутишимиз керак. Хатоларни таҳлил қилиб, улар устида ишлаб, кейинги ўйинга бошқача кайфиятда тушамиз.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон U-20 термаси жаҳон чемпионатининг илк ўйинида гондураслик тенгқурларига 3:4 ҳисобида мағлуб бўлди.
Изоҳ (0)