American Express президенти Эд Гиллиган Нью-Йоркдаги ишчи ташрифдан қайтаётганида кутилмаганда корпоратив самолёт бортида вафот этди. Бу ҳақда молия компанияси бош директори Кеннет Чено маълум қилди, дея хабар бермоқда NewsRu.com.
Ўлимнинг аниқ сабаблари маълум қилинмаяпти. Хабарларга кўра, парвоз вақтида Гиллиган ўзини ёмон ҳис қилган. У 55 ёшда эди, унинг хотини ва тўрт нафар фарзанди бор эди.
Ченонинг қайд этишича, ҳодиса сабаблари келаси ҳафта маълум бўлади.
Гиллиган қарийб 35 йил аввал American Express’га ишга келган, 2007 йили эса компания раиси ўринбосари этиб тайинланганди. Орадан олти йил ўтиб эса компания президентига айланганди.
American Express’нинг бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган. Молия компаниясига 1850 йилда асос солинган ва у ҳозирги вақтда АҚШдаги энг йирик компаниялардан бири ҳисобланади. American Express кредит карталарга хизмат кўрсатишга ихтисослашган ва жаҳоннинг тахминан 100 мамлакатида фаолият олиб боради.
Изоҳ (0)